Янги Ўзбекистон ва фуқаролик жамияти: ҳолати ва истиқболлари

Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2017-2024 йилларда фуқаролик жамияти институтларини бевосита қўллаб-қуватлаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур ҳуқуқий ва институционал база яратилди.
Бу борада Президентимиз, жумладан: “Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади" деб алоҳида эътироф этдилар.
Янги Ўзбекистон ва фуқаролик жамияти: конституциявий-ҳуқуқий ва ташкилий асослари
Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини такомиллаштириш мақсадида бир қатор самарали аниқ қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Биринчидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиб, унинг XIII боби “Фуқаролик жамияти институтлари”, деб номланди. Жумладан 69-моддада “Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади” деб мустаҳкамлаб қўйилди.
Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституцияда миллий қонунчилигимизда биринчи маротаба фуқаролик жамияти институтларининг таркиби очиб берилди. Ушбу институтлар фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши мустаҳкамланди. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бошқа бобларнинг 5 та моддасида фуқаролик жамияти институтларини манфаатлари ҳимоя қилинган.
Иккинчидан, Ўзбекистон тарихида илк маротаба 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Концепциянинг асосий устувор йўналишлари этиб:
- фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;
- фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
- давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
- давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;
- фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш белгиланди.
Учинчидан, Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг демократик ташкилий-ҳуқуқий тизими яратилди. Хусусан, Олий Мажлис ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида Жамоат фондлари тузилди. Жумладан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан сўнгги етти йилда 1 трлн. 916 млрд. сўм ажратилди. Натижада 2 246 та лойиҳалар қўллаб-қувватланди. 2008-2016 йилларга солиштирганда 30 баробар кўп. Кейинги 3 йилда ҳудудий Фондлар орқали 140 миллиард сўмлик 2120 та лойиҳа амалга оширилди.
Тўртинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, уларнинг 500 га яқин тизим ташкилотлари тўлиқ давлат субсидияларидан фойдаланмоқда.
Бешинчидан, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳар бир вилоятда “Дўстлик ва Нодавлат ташкилотлар уйлари” ташкил этилди. Бу уйларда 350 та ННТ ва миллий маданий марказлар бепул жойлаштирилди.
Олтинчидан, нодавлат ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш божлари ўртача икки баробар пасайтирилди. Ногиронлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмаларини эса бождан тўлиқ озод этилди. Қайта рўйхатдан ўтиш муддати бир ойдан 15 кунга қисқартирди.
Еттинчидан, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўз тадбирларини ўтказишда адлия органининг рухсатини олиш талаби бекор қилиниб, уларнинг фаолият эркинлиги янада мустаҳкамланди.
Саккизичидан, ташқи манбалардан маблағ олиш жараёни осонлаштирилди. Махсус ҳисоб рақам очиш талаби бекор қилинди. Маблағ олиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 40 кундан 15 кунга қисқарди. Бундан ташқари адлия органи билан келишмасдан олинадиган маблағ миқдори 5 бараварга оширилди. Натижада сўнгги 7 йилда жалб этилган халқаро грантлар 125 млн доллардан ошди.
Тўққизинчидан, нодавлат нотижорат ташкилтларига барча давлат хизматлари электрон тарзда кўрсатилмоқда. Бунинг учун алоҳида e-ngo.uz портали ишга туширилди.
Ўнинчидан, фуқаролик жамияти институтлари Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси ва энг яқин ҳамкорига айланди. “Ватандошлар” жамоат фонди, “Ҳунарманд” уюшмаси, “Соглом авлод” фонди, Ўзбекистон умумжахон ёшлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, “Прогрессивислоҳотлар” маркази, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати каби энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлар бевосита иштирок этмоқда.
Акмал Саидов
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари, академик
Акмал Саидов,
первый заместитель Спикера
Законодательной палаты Олий Мажлиса,
академик.