Жамоатчилик назоратини кучайтириш йўлида ҳамкорлик

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Нурафшон шаҳрида “Тошкент вилоятида жамоатчилик назорати механизмлари: халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, “Юксалиш” ҳаракати, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда депутатлар, ННТ ва маҳалла фуқаролар йиғини ўртасидаги ҳамкорлик ҳудудларда жамоатчилик назоратини кучайтириб, фуқаролик жамияти институтларини давлат органлари фаолияти устидан “халқона назорат” ўрнатувчи асосий кучга айлантириши таъкидланди.
Экспертлар эътирофига кўра, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Буларнинг барни давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, жамиятда “Давлат - бош ислоҳотчи” тамойилидан “Жамият - ислоҳотлар ташаббускори” тамойилига ўтишни англатади.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ҳам давлат органлари фаолияти устидан жамотчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлаш ва маҳаллий даражадаги муаммоларни ечишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

