Хоразмда замонавий жамоат транспорти тизими

Бугунги кунда Хоразм вилояти бўйича жами 260 дан ортиқ йўналишда 2 700 га яқин жамоат транспорти воситаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Вилоятда жамоат транспорти хизмати сифатини ошириш, аҳолига қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятларини яратиш бўйича сезиларли амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Хусусан, Урганч шаҳрида хизмат сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида автобусларда автоматлаштирилган электрон тўлов тизими ҳамда диверсификация қилинган тарифлар жорий этилган. Шунингдек, йўналишларни реал вақт режимида онлайн кузатиш имконини берувчи “Go Urgench” мобил иловаси ишлаб чиқилган ва Хива шаҳрида янги автостанция қурилган.
Шаҳар йўлларидаги тирбандликларнинг олдини олиш ва жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш мақсадида Урганч шаҳрининг “Тинчлик”, “Ўзбекистон”, “Маърифатчилар”, Шерозий ва Ғофур Ғулом кўчаларида жами 5,11 км масофада алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилган.
Маҳаллий тадбиркорлар томонидан Хитойда ишлаб чиқарилган 100 дан ортиқ янги замонавий автобуслар харид қилинган. Натижада, Урганч шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси ўртача 26 фоиздан 38 фоизга ошган. Ҳаракат интервали икки бараварга
(10-22 дақиқадан 5-12 дақиқага) қисқарган.
Бундан ташқари, “Хоразм троллейбус саройи” давлат муассасаси томонидан имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 10 та янги замонавий троллейбус харид қилиш ва Урганч халқаро аэропорти, Урганч темир йўл вокзали ҳамда Хива темир йўл вокзалини боғловчи туристик йўналиши ташкил этиш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Хоразм вилоятида жамоат транспорти тизимини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар нафақат инфратузилмани янгилаш, балки йўловчилар учун вақт
ва маблағ тежамкорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Алоҳида йўлакларнинг ташкил этилиши ва ҳаракат интервалининг қисқаргани тизимнинг самарадорлигини оширса, “Go Urgench” иловаси ва электрон тўлов тизими соҳани рақамлаштириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Айниқса, Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи янги туристик йўналишларнинг ташкил этилиши вилоятнинг нафақат ички транспорт эҳтиёжларини қондириш, балки ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада оширишда хизмат қилади. Бу каби ислоҳотлар келгусида аҳоли учун жамоат транспортининг жозибадорлиги янада ошиши ва экологик ҳолатнинг яхшиланишига хизмат қилади.
Сардор АИТБОЕВ,
Демократик жаранёларни таҳлил қилиш маркази
Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

