Самарқанд анжумани: Интеграциялашган хавфсизликка эришиш йўлида

Бугунги глобал шароитда экологик муаммолар, ишлаб чиқаришдаги хавфсизлик ҳамда фавқулодда вазиятлар хавфини бошқариш масалалари тобора мураккаблашиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, саноат ривожи ва урбанизация жараёнлари инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги мувозанатни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Самарқандда ўтказилаётган “Экологик хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш интеграцияси: инсон ва табиатни ҳимоя қилишга интеграциялашган ёндашув” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман айни масалаларга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.
Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва бошқа давлатларнинг етакчи олимлари ва амалиётчилари иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, саноат авариялари, экологик ифлосланиш ва иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар кўп ҳолларда бир хил сабаблар — тизимли бошқарувнинг самарасизлиги, рискларнинг нотўғри баҳоланиши ва профилактика йўқлиги билан боғлиқ бўлади. Мазкур йўналишларга ягона тизим сифатида қараш нафақат мавжуд муаммоларни чуқурроқ ўрганиш, балки уларга нисбатан комплекс ечимлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Ушбу анжуман нафақат илмий натижаларни тақдим этиш майдони, балки турли халқаро ташкилотлар ва соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Бу ўз навбатида, Юртимизда экологик хавфсизлик, меҳнатни муҳофаза қилиш ва фавқулодда вазиятларни бошқариш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жараёнга халқаро илғор тажрибаларни интеграция қилиш имконини беради.

