Тошкентда Марказий Осиё касаба уюшмалари халқаро конфедерацияси тузилди

27 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари касаба уюшмалари кенгаши йиғилишида янги халқаро тузилма — Марказий Осиё касаба уюшмалари конфедерацияси таъсис этилди.
Унинг таркибига Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Мўғулистон касаба уюшмалари кирди. Туркманистон эса кузатувчи мақомини сақлаб қолди.
Йиғилишда конфедерация таъсис ҳужжатлари тасдиқланиб, бошқарув тизими шакллантирилди. Унга кўра, 15 нафар вакилдан иборат Бош кенгаш ҳамда фаолиятни мувофиқлаштирувчи Ижроия қўмитаси ташкил этилди. Конфедерация раҳбари этиб Қудратилла Рафиков сайланди. Конфедерация штаб-квартираси Тошкент шаҳрида жойлашади.
Таъкидланишича, халқаро мақом ташкилотга жаҳон касаба уюшмалари тузилмалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, минтақа меҳнаткашлари манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш ва илғор тажрибалар алмашиш имконини беради.

