«Сиёсий партияларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишда замонавий сиёсий технологияларнинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати

Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказида «Сиёсий партияларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишда замонавий сиёсий технологияларнинг аҳамияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
«Юксалиш» УМҲ томонидан ташаббус қилинган «Фуқаролик жамияти» ҳафталиги доирасидаги ушбу давра суҳбатида нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партияларнинг депутатлик бирлашмалари, мафкура-тарғибот, ахборот хизматлари билан ишлаш бўйича масъул ходимлари, шунингдек, бир қатор экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Давра суҳбатида ижобий имиж яратишда медиамаконнинг ўрни, аҳолининг ижтимоий кайфиятини ўрганиш, партиялар дастурий мақсад ва вазифалари жозибадорлигини намоён этиш, сайловга тайёргарлик ва сайловолди ташвиқотининг муҳим жиҳатлари ҳамда сайловчилар хайрихоҳлигини оширишда миллий ва хорижий тажриба мавзулари муҳокама қилинди.
Тадбирда сиёсий партияларнинг фаолият самарадорлигини янада ошириш, кенг жамоатчиликка сиёсий партиялар раҳбарлари ва фаоллари танитиш, фаолияти ёртиш, партия электорати билан ишлашда сиёсий технологиялар ўрни ва аҳамияти, асосий ютуқлари ва камчиликлари таҳлил қилинди.
Миллий ва хорижий тажриба мувофиқ, сиёсий партияларнинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, тушунтириш, сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, сиёсий партиялар вакилларига жойларда аҳолининг ижтимоий кайфиятини ўрганиш, аниқланган муаммолар бўйича ҳудудлар «ижтимоий портретларини» ишлаб чиқиш, партия дастурларини сайловчиларга янада яқинлаштириш, ҳаётийлиги ва жозибадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан шу каби мавзуларда сиёсий партиялар, ННТ ва экспертлар иштирокида туркум тадбир, давра суҳбати ва ўқув-семинарларни ўтказишга зарурият борлиги, ҳамда давомли ташкил этиб бориш таклифи илгари сурилди.
Тадбир Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг "Ўзбекистон24" телеканалида 14 ноябрь куни рус (соат 19.30да) ва ўзбек (соат 21.00да) тилларида эфирга узатилди. Шунингдек, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг расмий ижтимоий тармоқ ва саҳифаларида кенг ёритилди.