“Демократик ислоҳотлар: Фуқаролик жамияти институтлари трансформацияси” мавзусида семинар ўтказилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати каби тамойиллар устувор бўлиб бораётган бу жараёнда фуқаролик жамияти давлат ва жамият ўртасидаги муҳим воситачи сифатида намоён бўлмоқда. Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ифода этиш ҳамда уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кучайтириш — бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Демократик ислоҳотлар: Фуқаролик жамияти институтлари трансформацияси” мавзусида семинар ташкил этилди. Тадбир “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 288-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025-йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжатлар муҳокама марказида бўлди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди, Бухоро вилоят Адлия бошқармаси, ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси, миллий маданий марказлар, ОАВ ва вилоятда фаолият юритаётган ННТ вакиллари иштирок этди.
Семинарнинг асосий мақсади – фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки ҳамда жамоатчилик назоратидаги ролини янада кучайтириш, бу борада самарали механизмлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Тадбир доирасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти, уларнинг ташаббуслари ва учраётган муаммолари муҳокама этилди. Маҳаллий экспертлар иштирокида соҳани такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди. Шунингдек, давлат органлари ва фуқаролик жамияти субъектлари ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, мулоқот майдонларини шакллантириш бўйича қўшимча таклифлар билдирилди.
Тадбирда фуқаролик жамияти институтлари трансформацияси, уларнинг миллий ислоҳотлардаги фаол иштироки мамлакат тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. Иштирокчилар томонидан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш бўйича институционал ёндашувларни кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Семинар якунида фуқаролик жамиятини ривожлантиришда маҳаллий ташаббусларни рағбатлантириш, давлат ва ННТлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга доир аниқ вазифалар белгилаб олинди. Тадбир натижалари ҳудудий даражада амалиётга қаратилган янги ёндашувларни ишлаб чиқишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси