Жиззахда ННТ ва сиёсий партиялар ҳамкорлигига бағишланган ўқув-семинар ўтказилди

Жиззах политехника институтининг мажлислар залида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва сиёсий партиялар ҳамкорлиги” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди субсидия маблағлари доирасида ташкил этилди. Семинар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 288-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2025 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат, Сайлов кодекси, шунингдек, 2024 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида давлатимиз раҳбари сўзлаган нутқ мазмун-моҳияти муҳокама марказида бўлди.
Тадбирда сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, журналистлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда соҳанинг етук экспертлари иштирок этди.
Семинарда маърузачилар мамлакат сиёсий ҳаётидаги сўнгги ўзгаришлар, парламент фаолиятидаги янгиликлар, демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг сайловлардаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Айниқса, ННТларнинг жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги фаол иштироки, уларнинг сиёсий партиялар ва маҳаллий депутатлар билан ҳамкорликда амалга ошираётган ташаббуслари алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, давлат грантлари ва субсидиялари орқали ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар самарали йўлга қўйилаётгани, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданият ва сиёсий фаолликни оширишда ННТ ва партиялар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан ННТ ва сиёсий партиялар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мазкур тадбир вилоят телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинди. Унда жами 30 нафар иштирокчи қатнашди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси