ACDP logo
Кириш
header bg

Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки: истиқболли ҳамкорлик йўлида

233
Поделиться:
Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки: истиқболли ҳамкорлик йўлида

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, бир қатор йирик ва нуфузли халқаро ноҳукумат ташкилот ва молия институтлари билан самарали ҳамкорлик фаоллашиб бормоқда. Бу борада халқаро молия тузилмалари маблағларини жалб қилиш, уларни мақсадли ва манзилли йўналтиришга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Айниқса, Ўзбекистон Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг энг йирик ва ишончли ҳамкорлари қаторига кирган. Шу маънода, ОТБ барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида мамлакат тараққиётига салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 69 мамлакат аъзо бўлган, уларнинг 50 таси Осиё минтақасида жойлашган.

Ўзбекистон 1995 йилда Осиё тараққиёт банки аъзосига айланган бўлиб, сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи учун ОТБ томонидан
5,41 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратилган[1].

Қолаверса, 2025–2026 йиллар давомида Осиё тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 3,6 млрд доллар бўлган 23 та янги лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда[2].

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва ОТБ ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ўзаро англашув меморандуми доирасида жами 4,2 млрд доллар қийматидаги 28 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган[3].

ОТБ Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа манфаатдор идоралар билан яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида ёрдам бериш, хусусий сектор ривожланиши
ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантириш соҳаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бинобарин, ОТБ Осиё ва Тинч океани минтақасида инклюзив
ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватлайдиган, одамлар ҳаётини ўзгартириш
ва сифатли инфратузилмани барпо этиш йўлида инновацион молиявий воситалар ва стратегик ҳамкорликдан самарали фойдалана оладиган молиявий тузилма ҳисобланади[4].

Таъкидлаш зарурки, ОТБ Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, унинг жамият ва давлат ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга қаратилган илғор ташаббусларни қўллаб-қувватламоқда, илгари сурмоқда.

Жумладан, демократик тамойилларни қарор топтириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда рақамли ислоҳотларни амалга ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жорий йил 4-7 май кунлари Италиянинг Милан шаҳрида “Тажриба алмашиш, эртанги кунни қуриш” мавзусида бўлиб ўтган ОТБнинг 58 йиллик йиғилишида ҳам шу масалалар муҳокама марказида бўлгани муҳим аҳамиятга эга.

Фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси аъзолари йиллик йиғилиш доирасида ўтказилган “Фуқаролик жамияти форуми”нинг 8 та сессиясида иштирок этди.

Хусусан, рақамли иқтисодиёт ва технологиялар, яшил ҳамда муқобил энергияни ривожлантириш бўйича ўтказилган сессияда асосий эътибор ёшларни рақамли технологияларга қизиқтириш, яшил иқтисодиёт
ва мубоқил энергетикани ривожлантириш
га қаратилди.

Шунингдек, Самоа, Непал, Туркия каби давлатлар фуқаролик жамияти институтлари вакиллари томонидан рақамли воситалар ёрдамида иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича ўз тажрибалари ҳақида маълумот берилди. Бу борада аҳолининг кенг қатламларига етиб боришда рақамли технологиялар кучли воситага айлангани, инсоният барқарор келажакни айнан инновациялар орқали қуриши мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида ОТБ вакили М.Шагазатова билан ўтказилган учрашувда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, мазкур йўналишда ОТБ билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда 2026 йилдан бошлаб ОТБ томонидан аъзо давлатларда хотин-қизларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олиш, оғир шароитдаги аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича фуқаролик жамияти институтлари имкониятларидан кенг фойдаланилиши таъкидланди.

“ОТБнинг ҳисобдорлиги ва кафолат беришининг самарадорлик истиқболлари” мавзусидаги сессияда фуқаролик жамияти вакиллари томонидан жамоалар олдидаги мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун банк молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича маълумотларнинг ошкор этилиши устидан мунтазам мониторинг олиб боришни кучайтириш масаласига асосий эътибор қаратилди.

“Ўзгарувчан дунёда инфратузилма: инфратузилма стратегияларида барқарорликни молиялаштириш” мавзусида ўтказилган сессияда нодавлат, ҳукумат ва хусусий секторда инфратузилма барқарорлигини таъминлаш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, тадбир давомида Бельгиянинг “Assortis” халқаро платформаси мутахассиси Жиада Рапалино билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон жамоат ташкилотлари вакилларининг ОТБ лойиҳаларида қатнашишига кўмаклашиш, ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бошқа халқаро донорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

ОТБ президенти Масато Канда ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида ўтказилган очиқ мулоқотда банк ажратаётган маблағлар асосида амалга оширилаётган лойиҳалар мониторингида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини ошириш ва ўрганишга салбий таъсир қиладиган омилларнинг олдини олиш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Тадбирда ОТБ молиялаштираётган лойиҳаларнинг экологияга салбий таъсирининг олдини олишда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари мурожаатларини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, ННТлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

Ўз навбатида, ОТБ президенти томонидан фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, лойиҳаларнинг ижтимоий ва экологик стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни ўрганиб чиқиш ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўришга ваъда берилди.

Бельгиянинг “IBF International Consulting” компанияси менежери Даниэль Бажжио билан ўтказилган учрашувда у Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига ўзини очаётган мамлакат сифатида эътироф этиб, компания Ўзбекистонга киришга қизиқаётганини таъкидлади.

Ушбу консалтинг компанияси кўплаб мамлакатларда ОТБ ва бошқа донорлар лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётгани, хусусан, улар томонидан тақдим этилаётган грантларни самарали амалга ошириш, ҳисоботларни тайёрлашга кўмаклашиш, кадрлар малакасини оширишга ёрдам бериш каби йўналишларда иш олиб борилаётгани билдирилди.

Йиллик йиғилишнинг қувонарли жиҳатларидан бири шу бўлдики, ОТБнинг навбатдаги 59-йиллик йиғилиши 2026 йил 3-6 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилишига қарор қилинди.

Шу ўринда ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши 2010 йилда Тошкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз[5].

Самарқандда бўладиган йиллик йиғилиш ОТБга аъзо 69 та давлатдан Бошқарувчилар учун Осиё ва Тинч океани минтақаси олдида турган ривожланиш масалалари ва муаммоларни кўриб чиқишда ўзига хос мулоқот майдонини яратиб беради, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур халқаро тадбир ишида бир неча минг иштирокчи, жумладан, молия вазирлари, марказий банк раҳбарлари, юқори мартабали ҳукумат, хусусий сектор вакиллари, йирик халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

ОТБ президенти М.Канда 2026 йилги йиғилиш мулоқот ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун илҳомлантирувчи платформа бўлиб хизмат қилиши ва минтақанинг кўплаб ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилиш учун имкон яратишини таъкидлади[6].

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатнинг жадал ривожланиши учун стратегик жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади. ОТБнинг инвестиция лойиҳалари инфратузилмани ривожлантириш, энергия самарадорлигига эришиш, транспорт ва сув таъминоти тизимларини янгилаш имкониятлари ортишига хизмат қилади.

 

Азамат ПАРДАЕВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбари

 

[1]https://zarnews.uz/post/osiyo-taraqqiyot-bankining-59-yillik-yigilishi-samarqandda-bolib-otad

[2]https://aniq.uz/yangiliklar/osiyo-taraqqiyot-banki-uzbekistonga-ishonch-bildirdi-2025-2026-yillarda-yirik-loyihalar-boshlanadi

[3]https://www.uzdaily.uz/uzc/osiyo-taraqqiyot-banki-o%CA%BBzbekistonda-12-ta-yangi-loyihani-moliyalashtirishga-tayyor/

[4]https://zarnews.uz/post/osiyo-taraqqiyot-bankining-59-yillik-yigilishi-samarqandda-bolib-otadi

[5]https://zarnews.uz/post/osiyo-taraqqiyot-bankining-59-yillik-yigilishi-samarqandda-bolib-otad

[6]https://zarnews.uz/post/osiyo-taraqqiyot-bankining-59-yillik-yigilishi-samarqandda-bolib-otadi