“Оммавий маданиятнинг ёшлар онгига зарарли таъсири” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

Бугунги ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда оммавий маданият турли йўллар орқали ҳаётимизга кенг кириб келмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ва мусиқа индустрияси орқали тарқалаётган маълумотлар баъзан ёшларнинг онгида чалкашлик, нотўғри хулосалар ва ҳаётга енгил қараш каби салбий оқибатларга сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Оммавий маданиятнинг ёшлар онгига зарарли таъсири” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Қарши давлат университети талабалари, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида сўнгги йилларда интернет ва хорижий медиаплатформалар орқали тарқалаётган оммавий маданият элементлари миллий анъаналаримиз, ахлоқий меъёрларимиз ва маънавий қадриятларимизга жиддий путур етказаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, ёшлар онги, дунёқараши, кийиниш услуби, ҳаёт тарзи ва ўзини тутишида бунинг таъсири сезиларли даражада экани ҳаётий мисоллар асосида ёритиб берилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан оммавий маданият кўринишлари ёшларда зўравонлик, кашандалик, алкоголизм, моддий бойликка бўлган ҳаддан ташқари қизиқиш, ота-онани эъзозлаш каби қадриятларга нисбатан беписанд муносабатни шакллантираётгани қайд этилди. Бу ҳолат, ўз навбатида, жамият ривожига таҳдид солиши, ёш авлоднинг соғлиғига зарар етказиши, онг ва дунёқарашини чеклаш, миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлаштириш, иродасини заифлаштиришга олиб келаётгани таъкидланди.
Шунингдек, ёшларни медиа майдонда сифатли ва ишончли ахборот билан таъминлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларининг ижроси, шу билан бирга, глобаллашув шароитида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва вазифалари ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Тадбирда ёшларни маънавий таҳдидлар ва ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, миллий ғоя ва маънавий тарбияни мустаҳкамлаш, ахборот саводхонлигини ошириш ҳамда танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Йиғин якунида талаба-ёшлар томонидан оммавий маданиятнинг салбий таъсирларини камайтириш, ёшлар онгини ҳимоя қилиш бўйича амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси