Таълимни ривожлантириш – миллий тараққиётга замин яратади

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда бу йилги давлат дастурида белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, таълим тизимини ривожлантириш, хусусан мактабларда шароитларни яхшилаш, ёш авлодни билимли этиб тарбиялаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва уни янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди. Белгиланган йўналишлар Ўзбекистонда сифатли таълим-тарбия тизимини юксак босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда глобал жаҳонни сунъий интеллект, юксак технологиялар ва инновациялар белгиламоқда. Мазкур замонавий ўзгаришлар шароитида мамлакатимизда таҳсил олаётган 6,5 миллионга яқин мактаб ўқувчиларининг билим ва саводхонлик даражасини янада юксалтириш муҳим вазифага айланмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, қамров кўрсаткичлари ошган бўлсада, таълим сифати борасида ижобий ўзгаришларни амалга ошириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак.
Мактаб таълими сифатини ошириш учун педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини кучайтириш муҳим вазифалардан бирига айланди. Педагогик олийгоҳлар фаолияти қайта кўриб чиқилмоқда, замонавий методика ва баҳолаш тизимлари жорий этилмоқда. Президент таъкидлаганидек, сифатли таълим асосан билимли ва замонавий педагогларга боғлиқ.
Хусусан, барча педагогика йўналишидаги олийгоҳлар фаолияти тубдан ўзгартирилиши, хорижий тажрибалар асосида аниқ, табиий, ижтимоий, филология, амалий фанлар ҳамда мактабгача ва бошланғич таълим бўйича олий мактаблар ташкил қилиниши, аниқ фанлар бўйича Мюнхен техника университети таълим дастурларининг жорий қилиниши, қолган йўналишлар бўйича ўқув дастурлари эса Кембриж университети талаблари асосида қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, педагогика йўналишидаги олий таълимда фанлар сони 20 тадан 15 тага, таълим йўналишлари эса 31 тадан 17 тага туширилди ҳамда ўқув юкламаси 20 фоизга қисқартирилди.
Эндиликда педагогика олийгоҳларининг хорижий тил сертификати бор ўқитувчилари Буюк Британия, Германия, Цингапур сингари давлатларга малака ошириш учун юборилади. Бу тизим барча педагогика олийгоҳларида жорий этилади. Бу педагогларнинг илғор методология ва технологияларни ўзлаштиришига хизмат қилади. Чет элда малака оширган педагоглар мамлакатимиз таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим роль ўйнайдилар.
Президентимиз раҳбарлигидаги йиғилишда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш самарадорлигини таъминлаш бўйича ҳам ўзига хос йўналишлар белгилаб берилди. Жумладан, мактаблардаги 17 та фаннинг ҳар бири бўйича алоҳида таянч мактаблар ташкил қилиниши қайд этилди.Ҳар бир таянч мактабнинг 1 нафар ўқитувчиси Малака ошириш марказида ўз йўналишида халқаро дастурлар асосида чуқур тайёрланади ва уларга тренер мақоми берилади. Тренерлар бириктирилган ҳудудда 25 нафар етакчи ўқитувчини ўқитади, етакчи ўқитувчилар эса ўз мактабидаги муаллимларнинг малакасини оширади.
Таълим сифатини баҳолаш тизимини такомиллаштириш, Президент ва ихтисослаштирилган мактабларда жорий қилинган замонавий баҳолаш тизимини умумий мактабларда ҳам кенг қўллаш, халқаро тестология мезонлари асосида мактабларни аккредитациядан ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Яна бир муҳим масала, ёшларни интернет ва ижтимоий тармоқлардаги зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлашдир. Президентимиз қарорига биноан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилди. Ушбу марказ миллий қадриятларга асосланган контент яратиш, таҳлиллар олиб бориш ҳамда бу борадаги буюртмаларни бериш билан шуғулланади. Бу эса миллий ғоя ва маънавиятга асосланган тарбия тизимини мустаҳкамлаш орқали ёшлар онги ва тафаккурини турли мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилишга, уларни миллий маънавиятимиз асосида тарбиялашга замин яратади.
Албатта, белгиланган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишида давлат идоралари, таълим муассасалари, маҳаллий раҳбарлар ва халқ вакиллари — депутатларнинг масъулияти муҳим аҳамият касб этади. Мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар таълим сифати ва самарадорлигини оширишга, педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга, ёшларнинг маънавий ва интеллектуал ривожига хизмат қилади. Ушбу жараёнлар Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва халқаро майдонда рақобатбардош инсон капиталини шакллантиришининг муҳим асосидир.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати