Ўзбекистон илк бор “WSIS+20” саммитида

Швейцариянинг Женева шаҳрида жорий йилнинг 7–11 июль кунлари ўтказилаётган нуфузли “WSIS+20” саммитида бу йил илк бор Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
“WSIS+20” – Ахборот жамияти бўйича Бутунжаҳон саммити БМТ кўмагида ўтказиладиган, рақамли ривожланиш, АКТ сиёсатидаги ютуқлар ва инклюзив мулоқотни илгари суришга қаратилган глобал платформа ҳисобланади.
Делегация таркибида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, Прогрессив ислоҳтлар маркази каби қатор фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари қатнашмоқда. Саммит доирасида 10 июль куни “Ўзбекистонда медиа ва АКТни ривожлантириш: рақамли инклюзия ва инфратузилмани кучайтириш” мавзусида махсус панел сессияси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, унда мамлакатимиздаги рақамли трансформация, электрон бошқарув, медиа экотизим ва ишончли инфратузилмаларни ривожлантириш борасидаги ютуқлар муҳокама қилинади.
Бошқача айтганда, мазкур саммит Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун тажриба алмашиш, глобал рақамли сиёсатни шакллантириш ва ундаги фаоллигини ошириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.