ACDP logo
Кириш
header bg

“Конституциявий ислоҳотнинг мазмуни ва моҳияти: Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция”

187
Поделиться:
“Конституциявий ислоҳотнинг мазмуни ва моҳияти: Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция”

2023 йил 17-18 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида 18 та давлат ва бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг етакчи сиёсатчилари, давлат арбоблари, экспертлари ва олимлари иштирокида “Конституциявий ислоҳотнинг мазмуни ва моҳияти: Янги Ўзбекистон – янгиланаётган Конституция” мавзусидаги халқаро конференция ташкил этилди.

Ташкилотчилар – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети ва Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази.

Ушбу муҳим халқаро форумда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Австрия, Бельгия, Венгрия, Словения, Польша, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатлардан етакчи сиёсатчилар, давлат арбоблари, экспертлар ва олимлар иштирок этди. Бундан ташқари БМТ, БМТ ТД, ЕИ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг бир қатор вакиллари ҳам тадбирда ҳозир бўлишди.

Халқаро конференциянинг асосий мақсади конституциявий ўзгаришларнинг аҳамиятини аҳоли ва халқаро жамоатчиликка етказиш, маҳаллий ва хорижий эксперт-таҳлилий доиралар вакиллари, таниқли хуқуқшунослар ва олимларнинг конституциявий ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Конференциянинг биринчи кунида конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг роли ва ўрни, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятининг асосий йўналишлари, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси юзасидан Конституциявий суд қарорининг моҳияти ва аҳамияти, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари, сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш каби мавзуларга эътибор қаратилди.

Халқаро конференция ишида янгиланган Конституцияда ўз ифодасини топаётган муҳим ўзгаришлар, ижтимоий, ҳуқуқий ва дунёвий давлат тамойилларини ривожлантиришнинг, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг конституциявий асослари каби масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда инсон ҳуқуқлари ҳимояси, хусусий мулк даҳлсизлигини таъминлашнинг конституциявий кафолатлари билан боғлиқ нормалар иштирокчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Конституциявий ислоҳотларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, эркин ривожланиш, соғлом рақобат, тадбиркорлик, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги каби устувор йўналишларига бағишланган учинчи сессияда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти ривожланишининг конституциявий механизмларини кучайтириш – тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши, мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва макроиқтисодий барқарорлигининг энг муҳим кафолати тўғрисидаги маърузалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.