Европарламент депутатлари билан тарихий учрашув ўтказилди

Фуқаролик жамияти вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Брюсселдаги учрашувлари давом этмоқда. Навбатдаги учрашув Европарламент депутатлари билан ташкил қилиниб, унда мамлакатимизга ташрифи режалаштирилган депутатлар ўзбекистонлик фуқаролик жамияти вакилларининг фикр-мулоҳазаларини эшитди.
Делегация раҳбари А.Пардаев Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқ-манфаатлари Конституциянинг алоҳида бобида мустаҳкамлаб қўйилгани, соҳага доир қонунчиликнинг такомиллаштириб борилаётгани, шунингдек, яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити ҳамда Глобал иқлим форумининг минтақа учун аҳамияти тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, мамлакатдаги ўзгаришлар ва Европа минтақаси билан фаол ҳамкорлик масалаларида делегация аъзолари ҳам ўзларининг фикрларини билдирди.
Савол-жавобларда сиёсий партиялар фаолиятини ривожлантириш, "ақл марказлари" ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва алоқаларни кучайтириш масалаларида фикр ва таклифлар ўртага ташланиб, биргаликда ишлаш учун уларда қизиқиш уйғотишга эришилди.
Европарламент депутатлари билан ушбу форматдаги учрашув Ўзбекистон делегациялари иштирокида илк марта ўтказилган бўлса-да, ўзаро ҳурмат ва конструктив мулоқот руҳи кузатилди.
Делегациянинг учрашувлари давом этади.