"Умуммиллий тотувлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик — тараққиёт ва фаровонлик гарови"

Жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш, кўп миллатли ва турли динларга эътиқод қилувчи халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришига эришишда нафақат давлат ташкилотлари, балки турли диний конфессиялар ва миллий маданий марказлар, бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти институтларининг ҳам ўрни беқиёс.
Хусусан, глобаллашув тезлашаётган ва дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик ҳукм сураётган даврда бу борада олиб борилаётган давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш, ечимини кутаётган саволларга жавоб топиш, жойларда қонунчилик ҳужжатлари ижроси ва фуқароларнинг диний эътиқодларини тўлиқ таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамиятда диний барқарорликни таъминлаш ва дунёвийлик тамойилларини ривожлантириш бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, ҳокимлик масъуллари, Марказнинг Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси ва дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, вилоятдаги миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, исломий ва ноисломий ташкилотлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ иштирок этди.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар Жонажон Ўзбекистонимиз, юртимизда тили, дини, эътиқоди ва миллатидан қатъий назар барча учун ягона Ватан эканлиги, барча миллат вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаши, ривожлантириши ва келгуси авлодларга мерос қолдириши учун зарур шароитлар яратилганлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари бошчилигида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, турли дин ва миллат вакилларининг тинч-тотув, аҳил-иноқ истиқомат қилаётгани, ягона Ватан тушунчасининг қалбларга муҳрлангани мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этаётганлиги эътироф қилинди.
Хусусан, 2023 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида ҳам жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш борасида мақсадлар қўйилганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бундан ташқари, жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати” Концепцияси қабул қилингани, “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар каби соҳага оид қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмуни, моҳияти, аҳамияти, унда белгиланган вазифалар ҳамда яратилган имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Тақдимотлар ва мунозарага чиққан миллий маданий марказлар, исломий ва ноисломий ташкилотлар ва нодавлат ташкилотлари вакиллари томонидан миллатлараро муносабатлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан ижобий фикрлар, иштирокчиларга тушунтиришлар берилди, зарур маълумотлар улашилди, муҳокамалар ўтказилди.
Ушбу тадбир давлат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, динлараро тотувлик таъминлаш ва миллатлараро муносабатларни янада яхшилашга хизмат қилади.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси