Ўзбекистон ва Франция фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги янада кучаяди

Парижда Ўзбекистон делегацияси ҳамда Франция жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил қилинди. Давра суҳбатини Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчиси Нодир Ғаниев очиб, жорий йил 13-14 март кунлари Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Францияга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янги даражага олиб чиққани ва стратегик ҳамкорларга айлантирганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази раҳбари А.Пардаев ҳам элчининг фикрларини қўллаб-қувватлаб, Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳам Франциянинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта туртки берганини эътироф этди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилган вазифаларга тўхталиб, охирги 8 йилда Ўзбекистонда амалга оширилган демократик ислоҳотлар натижасида фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жамиятнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш, таклифлар ишлаб чиқиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этаётгани келтириб ўтилди.
Давра суҳбатидан кейинги норасмий мулоқотларда делегация аъзолари томонидан бир қатор ННТ ва “ақл” марказлари вакиллари ҳамда экспертлар билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар натижаларини эълон қилиб бориш, ўзаро маълумот алмашишни йўлга қўйиш, очиқ ва инновацион бошқарув, фуқаролик коммуникацияси ва жамият билан мулоқот соҳаларида салоҳиятни ошириш масалаларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.