Еврокомиссия халқаро ҳамкорлик бўлимининг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақавий сиёсати бўйича масъул ходими билан учрашув бўлиб ўтди

Ушбу учрашувда Ўзбекистон делегацияси таркибида қатнашаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари ўзларининг фаолият йўналиши, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, ННТларга яратилган шароитлар бўйича гапириб берди. Хусусан, ижтимоий буюртма асосида олиб борилаётган фаолиятлари, мамлакатда энг муҳим устувор йўналишлардаги ислоҳотларни, жамоатчилик назорати ҳамда давлат идораларида очиқлик сиёсатини амалга оширишда ННТларнинг иштироки ҳақида айтиб ўтилди. Шу билан бирга, ўзлари амалга ошираётган лойиҳалар тўғрисида ҳам тўхталиб, истиқболда ҳамкорликда ишлаш йўналишлари муҳокама қилинди.
Еврокомиссия масъул вакили – Силвиа Пиетропаоло Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ЕИ раҳбарияти орасида сиёсий ирода мавжудлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, мамлакатдаги ислоҳотларни эътироф этиш билан бирга ЕИнинг минтақага бўлган муносабати ўзгараётгани, хусусан, ўрта коридор (Транскаспий коридори) бўйича ЕИнинг “Глобал дарвоза” (Global Gateway) дастури доирасида транспорт масалаларига, қолаверса, қазилма бойликларни қайта ишлаш, экология йўналишларида ҳамкорликка алоҳида эътибор берилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити якунида эълон қилинган 12 млрд евролик инвестиция пакетидаги лойиҳаларни амалга оширишда нафақат давлат идора ва ташкилотлари, балки фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзланган мақсадларга эришишда янада самарали бўлиши қайд этилди.