Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида жамоатчилик назорати ва маҳсулотлар хавфсизлиги масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Жамоатчилик кенгашининг фаолияти сарҳисоб қилиниб, “Маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги тўғрисида” ҳамда “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва кутилаётган натижалари муҳокама қилинди. Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулотлар хавфсизлиги ва метрология соҳаларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, маҳаллий ва импорт маҳсулотлари сифати ҳамда хавфсизлигини ўрганиш мақсадида ўтказилган назорат харидлари натижалари кўриб чиқилди. Номувофиқ деб топилган маҳсулотлар ва аниқланган ҳолатларни “Техник тартибга солиш” миллий ахборот тизими негизидаги blacklist.tris.uz платформасига киритиш ишлари ҳақида ахборот тақдим этилди.
Йиғилишда аҳолига хавфсиз ва сифатли маҳсулотлар етказиб беришда жамоатчилик назоратини кучайтириш, соҳага оид маълумотларни очиқ ва тезкор етказиш, шунингдек, медиа фаолликни ошириш муҳимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон миллий метрология институти масъуллари томонидан метрология соҳасининг бугунги аҳамияти, халқаро ҳамкорлик, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда малакали ёш кадрларни тайёрлаш борасидаги ахбороти эшитилди.
Тадбир якунида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқотни ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

