Ўзбекистон фуқролик жамиятининг халқаро эътирофи: Бобур Бекмуродов халқаро миқёсда юқори лавозимга сайланди

Озарбайжон пойтахти Боку шаҳри айни кунларда БМТнинг 13-Бутунжаҳон шаҳарсозлик форуми (WUF13) доирасида муҳим халқаро тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Мазкур форум доирасида мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтлари учун тарихий воқеа юз берди: Глобал Жануб Нодавлат Ташкилотлари Платформасининг биринчи Бош Ассамблеясида “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов Платформа Бош котибининг Осиё бўйича ўринбосари этиб сайланди.
Ушбу эътироф нимаси билан аҳамиятли?
Мазкур платформа 2025 йилда қабул қилинган “Боку принциплари” негизида ташкил этилган бўлиб, у Лотин Америкаси, Осиё, Океания ва Африка қитъаларидаги 137 мамлакатдан юз минглаб ННТ ва фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирадиган улкан тизимдир.
Бугунги кунда ушбу тузилма шунчаки мулоқот майдони эмас, балки глобал кун тартибига ва халқаро қарорлар қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсата оладиган қудратли платформа сифатида кўрилмоқда.
Ислоҳотларнинг амалий натижаси
Бобур Бекмуродовнинг бундай нуфузли лавозимга сайланиши — Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, очиқлик сиёсати ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилишидир. Бу, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг яққол тасдиғидир.
Таъкидлаш муҳимки, ушбу тайинлов Ўзбекистоннинг нодавлат ташкилотлари учун янги уфқларни очиб, мамлакатимиз тажрибасини Глобал Жануб мамлакатлари миқёсида кенг тарғиб қилиш имконини беради.
Глобал қарорлар қабул қилишда мамлакатимиз фуқаролик жамияти овози янада жарангдор бўлишига хизмат қилади.
Энг муҳими, бу ишонч Ўзбекистоннинг халқаро фуқаролик жамиятининг фаол ва етакчи иштирокчисига айланиб бораётганини англатади.
Биз Бобур Бекмуродовни ушбу масъулиятли ва шарафли вазифа билан самимий муборакбод этиб, мамлакатимиз манфаатларини халқаро майдонда ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти овозини дунёга танитиш ва Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги фаолиятида улкан зафар ва муваффақиятлар тилаймиз.
Истаймизки, ушбу янги босқич Ўзбекистон учун янада катта ютуқлар дебочаси бўлсин!
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази жамоаси

