Аёллар ҳуқуқларини илгари суришда ННТлар роли кучаймоқда

Қибрай тумани Мирзо Улуғбек МФЙда “Ниҳол” ННТнинг реинтеграция лойиҳаси доирасида 2 кунлик семинар тренинг ташкил этилди.
Европа Иттифоқи, Швейцариянинг тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларни илгари суришда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда психологлар, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, уй бекалари жалб этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар кундалик ва оилавий ҳаётда учрайдиган қийинчиликлар юзасидан фикр алмашиб, мураккаб вазиятлардан ўзаро тушуниш ва мулоқот орқали чиқиш усулларини ўргандилар. Шу билан бирга, уларга психологик ёрдамлар кўрсатилди. Аёлларнинг ўзига ишончини уйғотиш, мулоқот маданияти, руҳий ҳолатини бошқариш ва ички салоҳиятни намоён этиш масалаларига оид машғулотлар ўтказилди.
Бу каби тренинглар аёлларнинг психологик барқарорлигини ошириш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтириш ҳамда соғлом ва ишончли ижтимоий муҳитни шакллантириш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

