ACDP logo
Кириш
header bg

Бухорода миллий ҳунармандчилик байрами

20
Поделиться:
Бухорода миллий ҳунармандчилик байрами

15–17 май кунлари Бухоро шаҳрида III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли фестивал дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган моҳир ҳунармандлар, заргарлар, дизайнерлар ва соҳа экспертларини бир майдонга жамлайди . 
Мазкур фестиваль нафақат маданий тадбир, балки иқтисодий ва туристик аҳамиятга эга стратегик платформа сифатида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Унда Ўзбекистоннинг ноёб зардўзлик ва заргарлик мактаблари халқаро аудиторияга кенг танитилиб, маҳаллий усталар учун янги ҳамкорлик алоқалари ва экспорт имкониятлари яратилади. Бу ташаббус миллий меросни илмий асосда ўрганиш ва уни замонавий иқтисодий ҳамда маданий ресурсга айлантиришга хизмат қилади.
Экспертлар фикрича, ушбу фестивал Бухоронинг халқаро маданий брендини янада мустаҳкамлаб, уни жаҳон ҳунармандчилиги марказларидан бири сифатида танилишини тезлаштиради. 
Энг муҳими, бундай тадбирлар миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни ҳунарга қизиқтириш, янги иш ўринлари яратиш ва туризм иқтисодиётини кенгайтиришга туртки беради. Фестиваль нафақат санъат байрами, балки Ўзбекистоннинг бой тарихи, юксак эстетик маданияти ва ижодий салоҳиятини бутун дунёга намоён этувчи муҳим халқаро майдондир.