ACDP logo
Кириш
header bg

“Давлат ва жамият барқарорлигини мустаҳкамлашда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти”

39
Поделиться:
“Давлат ва жамият барқарорлигини мустаҳкамлашда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти”

Жамият ва давлат ўртасидаги ижтимоий шериклик ҳар қандай мамлакат тараққиёти ва барқарор ривожланишининг муҳим омили ҳисобланади. Айниқса, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бугунги кунда стратегик аҳамият касб этмоқда.

Айнан шу мақсадда, 2025 йил 31 июль куни Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази (ДЖТҚМ) Навоий вилоят бўлинмаси, вилоят ҳокимлиги ва вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида “Давлат ва жамият барқарорлигини мустаҳкамлашда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, фуқаролик жамияти ривожига хизмат қилувчи янги ташаббус ва таклифларни эшитишдан иборат бўлди.

Давра суҳбатида ДЖТҚМ вилоят бўлинмаси ходимлари, Навоий вилоят ҳокимлиги ва Адлия бошқармаси масъуллари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти кенг ёритилди. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ҳуқуқий, методик ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга доир яратилган янги имкониятлар муҳокама этилди.

Шунингдек, 2024 йилда бўлиб ўтган парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларда ННТ вакилларининг депутатликка сайлангани, Олий Мажлис қўмиталари қошида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилгани алоҳида таъкидланди. Бу жараёнлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни янги босқичга олиб чиқаётгани қайд этилди.

Бундан ташқари, тадбирда Навоий вилоятида фаолият юритаётган фуқаролик жамияти институтларининг 2024 йил ва 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги ишлари таҳлил қилинди. Жамоат фондлари фаолиятида кузатилаётган янгиликлар, молиявий қўллаб-қувватлашнинг замонавий шакллари ҳамда шаффофлик ва очиқлик тамойиллари асосида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида иштирокчилар давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва мулоқотни янада кучайтириш, ижтимоий шерикликнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси