ACDP logo
Кириш
header bg

Президент ва ёшлар: Янги Ўзбекистон келажагини барпо этишдаги ҳамкорлик

678
Поделиться:
Президент ва ёшлар: Янги Ўзбекистон келажагини барпо этишдаги ҳамкорлик

2025 йил 14 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Учрашувда ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўрни, улар учун яратилаётган имкониятлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

 

Президент ўз нутқида ёшлар мамлакатнинг энг қимматли бойлиги эканини таъкидлаб, уларни “олтин фонд” деб атади. Айни пайтда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётгани ва 2030 йилга бориб бу рақам 1 миллионга етиши кутилаётгани қайд этилди. Бу эса ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича тизимли ёндашувни талаб этади.

 

Сўнгги йилларда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ёш тадбиркорлар сони уч баробарга ошган, уларнинг бизнес соҳасидаги улуши эса 40 фоизга етган. Шунингдек, ишсиз ёшлар сони икки баробарга камайган, 1 889 та маҳаллада эса ишсизлик муаммоси тўлиқ ҳал қилинган.

 

Таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакатда олий таълим муассасалари сони уч баробарга ошган, ёшларнинг 42 фоизи олий таълим билан қамраб олинган. Шу билан бирга, хотин-қизлар учун шартнома тўловларини давлат томонидан қоплаш тизими жорий этилгани натижасида уларнинг олий таълимдаги иштироки 11 баробарга ошган.

 

Президент ушбу учрашувда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва улар учун янги имкониятлар яратиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, ёшлар муаммоларини чуқурроқ ўрганиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини ошириш бўйича бир қатор таклифлар билдирилди.

 

Бу учрашув мамлакатда ёшлар сиёсати йўналишида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг келажакка ишончини мустаҳкамлаш ва уларни фаол жамият аъзолари сифатида шакллантиришга қаратилган муҳим қадам бўлди. Давлат раҳбарининг ёшлар билан доимий мулоқот ўтказиш ташаббуси Янги Ўзбекистонда ёшлар учун ҳақиқий имкониятлар эшиги очилаётганини тасдиқлади.

 

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази