Ўзбекистонда қадриятлар трансформациясига бағишланган нуфузли халқаро конференция ўтказилди

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан ўтказилган халқаро конференция давлат ва жамоат ташкилотлари, сиёсий ва илмий доиралар вакилларини бирлаштирди. Ушбу тадбир ўзбекистонлик ҳамда хорижий экспертлар, олимлар, тадқиқотчилар ва амалиётчиларни бир платформага жамлагани, бу эса қадриятлар трансформацияси жараёнининг назарий ва амалий жиҳатлари бўйича фикр алмашиш, янги ғоя ва ёндашувларни муҳокама қилишга имкон бергани билан аҳамиятлидир.
Анжуманда Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижтимоий, маданий ва маънавий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш билан бир қаторда, жамиятда анъанавий ва замонавий қадриятлар ўртасидаги мувозанат, ёш авлодга миллий қадриятларни етказиш, миллий мерос ва қадриятларни асраб-авайлашга инновацион ёндашувлар, четдан кузатиладиган таъсирларга қарши самарали чораларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Хорижлик экспертлар томонидан бугунги глобаллашув шароитида қадриятлар эволюцияси кузатилиши табиий жараён эканлиги таъкидланиб, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва уни келажак авлодга етказиш муҳимлиги, бу борада Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар самарали бўлишига ишонч билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қадриятларни асраб-авайлаш бўйича амалга ошираётган ташаббусларини кўпгина давлатларга ўрнак сифатида кўрсатиш мумкинлиги эътироф этилди.
Анжуман якунида миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғунлаштириш, глобаллашган рақамли дунёда миллий қадриятларни сақлаб қолиш, манфаатлар ва глобал чақириқлар ўртасида мувозанатни сақлаган ҳолда ижтимоий барқарорликни таъминлаш бўйича муҳим таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.