Маҳаллий Кенгашлар халқнинг ҳақиқий «овозига» айланмоқда

Сўнгги йилларда халқ депутатлари Кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан назорат функцияларини кенгайтириш ҳамда фаолиятида ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, маҳаллий Кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш. Шу жумладан, маҳаллий Кенгаш депутатларини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари ва фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассислар маслаҳатлари билан таъминлаш мақсадида 2020 йил 14-центабрда «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонун билан халқ депутатлари Кенгашларнинг доимий асосда ишлайдиган котибиятлари ташкил этилди.
Янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддасида халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимияти вакиллик органлари эканлиги, халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
Айтиш мумкинки, ушбу норма халқ депутатлари Кенгашининг маҳаллий ижроия ҳокимиятидан тўла мустақиллигини таъминлашга оид муҳим конституциявий норма бўлиб, ҳокимият ваколатларининг бўлиниш принципини маҳаллий даражада татбиқ этишга, маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга, ҳудудларда халқ манфаатларини тўлиқ таъминлашга, ҳокимликлар фаолияти устидан Кенгашлар ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга имконият яратади.
Мазкур янги таҳрирдаги Конституциянинг 122-моддасида халқ депутатлари Кенгашларининг бир қатор ваколатлар алоҳида белгилаб қўйилди. Хусусан;
- тегишли маҳаллий буджетларни кўриб чиқиш ва қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини тасдиқлаш;
- ҳокимни лавозимга тасдиқлаш, унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш.
Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятидаги мураккабликларни бартараф этиш, қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш мақсадида 2024 йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-28-сон Фармони қабул қилинди.
Мазкур Фармон билан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида 33 та функция ва ваколатлар маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.
Маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юклатилиши, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига берилган маҳаллий Кенгашларнинг қонунда белгиланган ваколатларига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий давлат ижроия ҳокимияти органлари масъул ҳисобланиши қатъий белгиланди.
Бундан ташқари, Олий Мажлис Сенати томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган 20 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди ва маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди.
Маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятига оид 700 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қайта кўриб чиқилиб, 300 дан ортиқ функцияларни мақбуллаштириш чоралари кўрилди.
Мазкур соҳадаги кенг қамровли ислоҳотлар давоми сифатида янгиланган Конституциядан келиб чиқиб, «Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» тамойилини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида жорий йилнинг 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепцияси ҳамда ушбу концепцияни амалга ошириш бўйича 7 та устувор йўналишдан иборат 53 та чора-тадбирни ўз ичига олган «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига қуйидаги бир қатор ваколатлар ўтказилади:
- давлат кўчмас мулки эксплуатацияси учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини белгилаш;
- дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини ва дафн этиш хизматлари тарифлари миқдорини тасдиқлаш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш;
- йўлларни айрим қисмларида ҳаракатланиш тезлигини оширишга ёки камайтиришга (тегишли йўл белгилари ўрнатиш билан) рухсат бериш.
Шунингдек, ҳужжат билан буджет лойиҳасини ишлаб чиқишда маҳаллий буджет харажатларининг муайян қисмини маҳаллий Кенгаш депутатларининг бевосита ташаббуси асосида шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш, маҳаллий Кенгашлар қошида Ёшлар ҳамда Маслаҳат гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, маҳаллий Кенгаш Раёсати, Кенгаш раиси ўринбосари институтларини жорий этиш белгиланди.
Концепция доирасида ҳоким ўринбосарлигига номзодларни маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларида дастлабки тарзда муҳокама қилиш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг айрим муҳим ижтимоий масалалар юзасидан ахборотларини эшитиш бўйича «Кенгаш соати» институтини жорий этиш, фуқароларнинг маҳаллий Кенгаш сессияси ишини бевосита кузатиши бўйича тизимни йўлга қўйиш назарда тутилди.
Бундан ташқари, «қулайлик» – «соддалик» – «хавфсизлик» тамойили асосида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини босқичма-босқич татбиқ этиш каби чораларни амалга ошириш белгиланди.
Хусусан, «Э-Кенгаш» электрон платформасида маҳаллий Кенгашлар фаолиятига доир ҳужжатларни хавфсиз электрон архив платформасида (блоcкчаин) сақлаш имкониятини жорий этиш, катта ҳажмли маълумотлар билан ишлашда жамланган намунавий ҳужжатлар, таҳлилий маълумот, ҳисобот ва ахборотлардан фойдаланишни йўлга қўйиш орқали қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида тезкорлик ва қулайлик яратиш, «Э-Кенгаш» электрон платформасининг турли ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибер-ҳужумларнинг олдини олиш нуқтаи-назаридан такомиллаштириш, ҳужжатларни тасдиқлаш ва имзолашда Кенгаш раисини биометрик идентификациялаш (Фаcэ ИД) технологияларини жорий этиш ҳамда сунъий интеллект технологиялари асосида маҳаллий Кенгашлар қарор лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш назарда тутилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу ислоҳотлар маҳаллий Кенгашларнинг назорат ҳамда норма ижодкорлиги бўйича фаолият самарадорлигини оширишга, аҳоли ва «маҳалла еттилиги»нинг долзарб масалаларини ҳал этиш бўйича маҳаллий Кенгашларнинг имкониятларини кенгайтиришга, маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга ва халқнинг ҳақиқий «овозига» айланишига хизмат қилади.
Равшан Нурматов,
Демократик жараёнларни таҳлил
қилиш маркази маъсул ходими

