ACDP logo
Кириш
header bg

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА ДАВЛАТ СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ: ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КУН ТАРТИБИ

89
Поделиться:
СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ВА ДАВЛАТ СТРАТЕГИК РЕЖАЛАШТИРИШ: ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ КУН ТАРТИБИ

15 май куни Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммити бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирок этиб, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларга тизимли тус бериш зарурлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари ўз нутқида рақамли тараққиёт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш таклиф этилди. Бундай самарали механизм орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилаш, булутли ва квант ҳисоблаш технологияларини ривожлантириш, шунингдек, очиқ ва замонавий ягона рақамли маконни яратиш мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон хорижий инвесторлар билан дата марказлар яратишга 6 миллиард доллар инвестиция жалб қилмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси минтақавий дата марказларни юқори тезликдаги алоқа каналлари орқали боғлайдиган “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида аъзо давлатлар иштирокида Тошкент шаҳрида Технологиялар форумини ўтказиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

Президентимизнинг мазкур ташаббуси нафақат долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилгани билан, балки рақамли ривожланиш даврида ҳамда дунё кескин ўзгаришларни бошдан кечираётган бугунги шароитда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда сунъий интеллектнинг иқтисодий ва трансформацион салоҳияти ҳечкимда шубҳа уйғотмайди. PwC баҳоларига кўра, сунъий интеллектни кенг миқёсда жорий этиш 2030 йилга қадар жаҳон иқтисодиётига 15,7 триллион долларгача қўшимча ўсиш олиб келиши мумкин. Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига (ОЭСР) аъзо давлатларнинг 80 фоиздан ортиғи сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича миллий стратегияларни қабул қилган.

Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллект таъсири остида давлат бошқаруви тизимини институционал трансформация қилиш жараёни изчил давом этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатда рақамли модернизациянинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий асослари шакллантирилди. Бу эса давлат бошқаруви тизимига сунъий интеллектни босқичма-босқич интеграция қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Мамлакатимизда 2030 йилга қадар сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегиясининг тасдиқланиши бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Стратегия сунъий интеллектни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида мустаҳкамлайди ҳамда миллий маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмасини яратиш, ҳисоблаш қувватларини ривожлантириш, сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш ва соҳа учун малакали кадрларни тайёрлашни назарда тутади.

Параллел равишда мамлакатимизда давлат хизматларини рақамлаштириш жараёни ҳам жадал суръатлар билан давом этмоқда. My.gov.uz платформасининг ривожланиши, электрон ҳужжат айланиш тизимларининг кенгайиши, солиқ ва банк соҳаларининг рақамлаштирилиши, шунингдек, Big Data элементларининг жорий этилиши давлат бошқарувини янада таҳлилий моделга ўтказиш учун асос яратмоқда.

 

Нима учун СИ стратегик қарорлар даражасига етиб келмаяпти?

Бугунги кунда дунёда давлат бошқаруви мантиғини ўзгартиришга қодир восита сифатида сунъий интеллектга қизиқиш жадал ортиб бормоқда. Гап фақат алоҳида жараёнларни автоматлаштириш ҳақида эмас, балки узлуксиз катта ҳажмдаги маълумотлар таҳлили ва сценарийли прогнозлаш асосида қарорлар қабул қилинадиган «data-driven governance» моделга ўтиш ҳақида кетмоқда.

Бироқ, асосий масала технологик жиҳатдан тайёрликда эмас, балки давлат институтларининг янги бошқарув моделларига мослашиш қобилиятига бориб тақалмоқда. Хусусан, давлат секторида сунъий интеллект ҳозирча асосан «қуйи поғоналарда» қўлланилмоқда — хизматларни автоматлаштириш, фуқаролар мурожаатларини қайта ишлаш, мониторинг ва назорат тизимларида. Бу бюрократик самарадорликни оширади, аммо давлатнинг стратегик фикрлаш жараёнига деярли таъсир кўрсатмайди.

Сунъий интеллектдан узоқ муддатли прогнозлаш, ресурсларни тақсимлаш ва стратегик режалаштиришда фойдаланиш ҳали ҳам фрагментар ҳолатда қолмоқда. Шундай парадокс юзага келмоқдаки, давлат маълумотларни беришни алгоритмларга ишониб топширмоқда, аммо уларни иқтисодий, ижтимоий ёки ҳудудий сиёсатни ишлаб чиқишда қўллашга шошилмаяпти.

Муаммо энди технологиялар етишмаслигида эмас. Замонавий сунъий интеллект тизимлари улкан маълумотлар оқимини қайта ишлаш, яширин боғлиқликларни аниқлаш ва мураккаб сценарийларни моделлаштиришга қодир. Асосий чекловлар институционал даражада сақланиб қолмоқда.

Биринчидан, алгоритмик қарорларга нисбатан ишонч етарли эмас. Кўплаб амалдорлар учун СИ «қора қути» бўлиб қолмоқда — унинг хулосаларини тушунтириш қийин ва шу сабаб улар учун сиёсий масъулият олиш ҳам мушкул.

Иккинчидан, маълумотларнинг фрагментацияси асосий чеклов бўлиб турибди. Давлат органлари изоляцияланган ахборот тизимлари ичида фаолият юритмоқда, бу эса тўлиқ миқёсдаги идоралараро таҳлилни имконсиз қилади.

Учинчидан, алгоритм хатолари юзага келган тақдирда масъулиятни ким бўйнига олиши аниқ эмас. Бу эса эҳтиёткорликни кучайтиради ва бюрократик консерватизмни сақлаб қолади.

Айнан шу омиллар «стратегик вакуум»ни юзага келтиради: анъанавий бошқарув усуллари самарасиз бўлиб бормоқда, янги механизмлар эса ҳали институционал амалиётга айланмаган.

Халқаро тажрибада технологиялар институтларга нисбатан иккинчи даражада

Халқаро тажрибани ўрганиш давлатлар СИни турли усулларда жорий этаётганини кўрсатади, аммо улар ўхшаш чекловларга дуч келмоқда.

Европа модели ҳуқуқий тартибга солиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва алгоритмик шаффофликка урғу беради. Америка модели эса кўпроқ бозор рақобати ва хусусий сектор орқали ривожланмоқда. Сингапур эса энг комплекс ёндашувни намоён этади: маълумотларни интеграция қилиш ва марказлашган бошқарув орқали СИни стратегик моделлаш воситаси сифатида қўллаш имконини берувчи Smart Nation концепцияси.

Ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатлар, жумладан, Қозоғистон тажрибаси ҳам қизиқ. У ерда давлатни рақамли модернизация қилиш жараёни аналитик платформалар ва маълумотларни интеграция қилиш тизимлари билан бирга кечмоқда. Бироқ бу ҳолатларда ҳам асосий чеклов технологиялар даражаси эмас, балки давлат институтларининг алгоритмик таҳлил асосида қарор қабул қилишга тайёрлиги ҳисобланади.

Халқаро тажрибаларни солиштириш муҳим хулосага олиб келади: СИ самарадорлиги биринчи навбатда институционал ўзгаришлар чуқурлигига боғлиқ.

Ўзбекистон тажрибаси ҳам ривожланаётган давлатларга хос бўлган чекловларни кўрсатмоқда. Жадал рақамлаштиришга қарамасдан, идоралараро маълумот алмашинуви ҳали ҳам фрагментар ҳолатда. Кўплаб давлат органлари ёпиқ ахборот тизимлари мантиғида фаолият юритмоқда, бу эса комплекс таҳлил ва стратегик прогнозлаш имкониятларини чеклайди.

Яна бир муҳим муаммо — давлат бошқаруви, маълумотлар аналитикаси ва сунъий интеллект соҳаларини бирлаштириб ишлай оладиган мутахассислар етишмаслиги. Бугунги кунда масала технологиялар етишмаслигида эмас, балки СИни қарор қабул қилиш жараёнига тўғри интеграция қила оладиган бошқарув компетенцияларининг камлигидадир.

Шу билан бирга, алгоритмик шаффофлик масаласи ҳам муҳим. Прогнозларнинг тушунтирила олиниши ва мустақил аудит тизими мавжуд бўлмаса, давлат аппарати ичида СИга бўлган ишонч чекланган бўлиб қолади.

СИ давлатнинг “қобилиятли ҳамкори” сифатида

Мавжуд шароитда сунъий интеллектни механик автоматлаштириш воситаси эмас, балки давлатнинг таҳлилий имкониятларини кенгайтирувчи “қобилиятли ҳамкор” сифатида кўриш зарур.

Бу турли вазирлик ва идоралар маълумотларини ягона аналитик архитектурага интеграция қилишни англатади. Бундай ёндашув фанлараро боғлиқликларни аниқлаш ва аниқроқ прогноз моделларини шакллантириш имконини беради.

Муҳим ўзгариш сифатида қаттиқ режалаштиришдан сценарийли моделлаштиришга ўтиш ҳисобланади. Ягона «базавий» прогноз ўрнига давлат оптимистикдан тортиб инқирозли сценарийгача бўлган бир нечта вариантларни бир вақтда таҳлил қила олади.

Бунда асосий тамойил — «инсон назоратда» принципининг сақланиши. Сунъий интеллект қарорни алмаштирмайди, балки аналитик кўмакчи вазифасини бажаради. Бироқ қарор қабул қилувчи шахснинг танлови янада шаффоф ва ҳисобдор бўлади, чунки алгоритмик тавсиялар билан таққослаш имконияти пайдо бўлади.

Аслида бу статик стратегиялар моделидан узлуксиз мослашув тизимига ўтишни англатади.

 

Янги кун тартиби

Бугунги кунда мавжуд таҳлилларнинг кўрсатишича, идоралараро маълумотлар интеграциясини яратмасдан туриб сунъий интеллектни жорий этиш уринишлари кутилган самарани бермайди, бу уринишлар фрагментар бўлиб қолаверади. Алгоритмлар шаффоф бўлмаса, уларга ишонч шаклланмайди. Масъулият аниқ белгиланмаса, бошқарув тизими СИни стратегик соҳаларда қўлламайди.

Ўзбекистон учун сунъий интеллектни давлат бошқаруви тизимига интеграция қилиш масаласи аста-секин технологик модернизация доирасидан чиқмоқда. Гап реал вақт режимида маълумотлар, прогнозлар ва сценарийлар билан ишлай оладиган янги стратегик давлат моделини шакллантириш ҳақида кетмоқда. Бу трансформациянинг самарадорлиги эса технологияларни жорий этиш тезлигига эмас, балки институционал инерцияни енгиш, идоралараро интеграцияни таъминлаш ва янги бошқарув маданиятини шакллантириш қобилиятига боғлиқ.

Фархад Буранов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази директори ўринбосари,
юридик фанлар номзоди, доцент