ACDP logo
Кириш
header bg

WUF13: Бокуда глобал шаҳарлар келажаги ва фуқаролик жамиятининг роли муҳокама қилинмоқда

62
Поделиться:
WUF13: Бокуда глобал шаҳарлар келажаги ва фуқаролик жамиятининг роли муҳокама қилинмоқда

2026 йил 19 май куни Боку шаҳрида БМТнинг WUF13 — Жаҳон шаҳарсозлик форуми доирасида “Глобал ҳамкорлик ва қарор қабул қилиш жараёнларида ННТлар иштироки” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Озарбайжон Республикаси ННТларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда БМТнинг UN-Habitat дастури, UNOSSC, UNITAR бўлимлари ҳамда Малайзия, Лотин Америкаси ва бошқа давлатлардан халқаро экспертлар, шаҳарсозлик ва жамоатчилик бошқаруви соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Форумда UN-Habitat ижрочи директори Анаклаудиа Россбах, Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев, UNOSSC директори Дима Ал-Хатиб, Малайзиянинг шаҳарсозлик бўйича халқаро эксперти Маймуна Муҳаммад Шариф ва UNITAR маслаҳат кенгаши раиси Луис Галлегос каби нуфузли иштирокчилар маъруза қилди.

Муҳокамаларда барқарор ва инклюзив шаҳарлар, иқлим ўзгариши, уй-жой масаласи, жамоатчилик иштирокини кучайтириш ҳамда глобал жануб давлатлари ҳамкорлиги каби мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса WUF13 доирасида шаҳар ривожланиши энди фақат архитектура ёки инфратузилма эмас, балки ижтимоий адолат ва инсон қадри билан боғлиқ масала сифатида кўрилаётганини англатади.

Таҳлилчилар фикрича, Боку форуми халқаро муносабатларда “шаҳар дипломатияси” ва “фуқаролик дипломатияси” тушунчаларининг аҳамияти кескин ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Айниқса, шаҳарларни бошқаришда ННТлар, ақлий марказлар ва маҳаллий жамоалар иштирокининг кучайиши глобал урбан сиёсатнинг янги стандартига айланмоқда. Сўнгги йилларда Туркий давлатлар ва Марказий Осиёда гуманитар ва жамоатчилик мулоқотининг кенгайиши ҳам айнан шу тенденциянинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.

Мазкур халқаро форумда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Жамшед Жўраевнинг иштирок этиши Ўзбекистон эксперт ҳамжамиятининг глобал интеллектуал майдондаги фаоллиги тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Айниқса, WUF тарихида илк бор ўтказилган ва 116 мамлакат нодавлат ташкилотларини бирлаштирган “WUF13 NGO Forum”да қарийб 800 нафар маҳаллий ва хорижий ННТ вакилларининг қатнашгани ушбу платформанинг халқаро нуфузини янада оширди. Бу эса Ўзбекистонда очиқ мулоқот, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ва барқарор шаҳарлар ривожланишига қаратилган ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини, мамлакатимиз экспертларининг глобал қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш имкониятлари кенгайиб бораётганини англатади.

Экспертлар фикрича, WUF13 доирасида ташкил этилган ННТ форуми шаҳарлар келажагини давлат идоралари билан бир қаторда жамоатчилик, ақлий марказлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар иштирокида белгилаш зарурлигини яна бир бор намоён этди. 

БМТ маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларда яшайди, бу эса урбанизация, иқлим ўзгариши, уй-жой ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда янги ёндашувларни талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, Боку форуми Ўзбекистон учун ҳам халқаро тажрибаларни ўрганиш, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш ва инсон манфаатларига асосланган замонавий шаҳар бошқаруви моделларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.