Тўсиқларсиз муҳит – инсон қадри ва тенг имкониятлар кафолати

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига тўлақонли интеграция қилиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиб, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун, янги таҳрирдаги “Шаҳарсозлик кодекси” ҳамда Президентимизнинг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу тоифадаги фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан автотураргоҳлар, инфратузилма ва қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаб лойиҳалаштириш бўйича қатъий нормалар белгиланди.
Хусусан, Хоразм вилоятида 2023-2025 йилларда 20 дан ортиқ маданий мерос объектлари жисмоний имконияти чекланган шахслар учун тўлиқ мослаштирилган. Жумладан, Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасидаги 20 га яқин тарихий объектларда пандуслар ва қулай зина тутқичлари ўрнатилди. Шунингдек, “Кўҳна арк” ва “Ислом Хўжа” мадрасаларида эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган зиёратчилар учун сурдо таржимонлар хизмати йўлга қўйилди.
Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар вилоятнинг туристик салоҳиятини оширишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Инклюзив туризмнинг ривожланиши халқаро миқёсда вилоятнинг нуфузини янада юксалтирмоқда.
Транспорт соҳасида ҳам ногиронлиги бўлган шахслар учун сезиларли қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, 2024–2026 йиллар давомида Урганч шаҳри жамоат транспорти парки ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус мослаштирилган 100 дан ортиқ замонавий автобуслар билан бойитилиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, Урганч халқаро аэропорти ва темир йўл вокзаллари ҳам махсус кўтариш мосламалари ва аравачалар билан тўлиқ таъминланди.
Тўсиқларсиз муҳит яратиш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида янги барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Янги Ўзбекистон” массивлари мисолида кўрадиган бўлсак, лойиҳалаштириш жараёниданоқ халқаро стандартларга асосланган инклюзивлик мезонлари қатъий белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда турар жой биноларининг кириш қисмидаги пандуслар қиялиги, лифтларнинг кенглиги ва бошқарув тугмаларининг махсус Брайл алифбосида бўлиши, шунингдек, қаватлараро йўлакларнинг тўсиқлардан холи эканлиги лойиҳа-смета ҳужжатларининг мажбурий шартига айланди.
Эндиликда объектларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси ишида “тўсиқларсиз муҳит” талабларининг бажарилиши нафақат тавсиявий, балки энг асосий ва қатъий мезон сифатида баҳоланмоқда. Агар бинода имконияти чекланган шахслар учун зарур шароитлар яратилмаган бўлса, ушбу объектни фойдаланишга топширишга йўл қўйилмайди.
Тўсиқларсиз муҳит яратиш — бу шунчаки техник вазифа эмас, балки инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий адолатни қарор топтиришнинг амалий ифодасидир. Зеро, имконияти чекланган фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллиги ошиши пировардида давлатимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.

