“Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқ овозига айлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Бугун Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгаши ҳамкорлигида “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини халқ овозига айлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда ДЖТҚМнинг Хоразм вилоят бўлинмаси раҳбар ва мутахассислари, халқ депутатлари Хоразм вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятлари мудирлари ва масъул ходимлари, сиёсий партиялар ва депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этди.
Давра суҳбатида маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини янада очиқ ва шаффоф қилиш, аҳоли билан самарали мулоқотни таъминлаш, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда депутатлар ва Кенгаш котибиятлари фаоллигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, доимий комиссиялар, ННТлар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокига кенг йўл очиш юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида маҳаллий Кенгаш депутатлари, доимий комиссиялар ва партия гуруҳлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, аҳоли мурожаатларига ечим топиш механизмларини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда амалий вазифалар белгиланди.