Диний барқарорликни таъминлаш ва дунёвийлик тамойилларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди субсидия маблағлари доирасида ўтказилган тадбирда Андижон вилоятида фаолият юритаётган миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, исломий ва ноисломий диний ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати Концепциясининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда мутахассислар иштирокида муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Таъкидланганидек, жорий йил 25 февраль куни “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган. Ушбу концепция 7 боб ва 41 банддан иборат бўлиб, мамлакатда виждон эркинлигини таъминлаш, дунёвийлик, эркинлик, тенглик ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш орқали барқарор тараққиёт ва тотувликни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилганидек, мазкур концепция давлатчиликнинг бой миллий ва тарихий тажрибалари ҳамда умуминсоний қадриятларга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган. У кўпмиллатли ва кўпконфессияли Ўзбекистонда умумжамият манфаатларини таъминлаш, маданий хилма-хилликни сақлаш ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Суҳбат давомида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги замонавий ҳолатга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, охирги йилларда Ҳаж квотаси 3 баробарга оширилгани, Умра зиёрати учун квоталар бекор қилингани натижасида қарийб 800 минг фуқаро Саудия Арабистонига зиёратга боргани қайд этилди. Шунингдек, 10 мингдан зиёд бошқа дин вакиллари 10 дан ортиқ хорижий давлатлардаги муқаддас қадамжоларга ташриф буюргани таъкидланди.
Шунингдек, диний таълим тизимини ривожлантириш, дунёвий ва диний билимларни уйғунлаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани билдирилди.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси