Делегация аъзолари кун давомида Европа фуқаролик жамияти институти вакиллари билан муҳим учрашувларни давом эттирди

Навбатдаги шундай учрашувлардан бири “Diplomatic world” бош ижрочи директори Барбара Дитрих ҳамда “Diplomatic world instiute” ақл марказининг миллий брендинг ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича масъули Кая Мвита билан ташкил қилинди.
“Diplomatic World”
— халқаро дипломатия, сиёсат, иқтисодиёт ва глобал ҳамкорлик масалаларига ихтисослашган нашр. У асосан Европа Иттифоқи, БМТ, НАТО, ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги дипломатик фаолиятни ёритишга қаратилган.
“Diplomatic World Institute” — Брюсселда жойлашган мустақил нотижорат ташкилот бўлиб, у “Diplomatic World” журнали билан ҳамкорликда фаолият юритади. Институтнинг асосий мақсади жамият ва давлат идоралари ўртасида барқарор ҳамкорлик ва форумлар ташкил этиш орқали глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва уларга ечим топишга ҳисса қўшишдан иборат.
Учрашувда Барбара Дитрих хоним Ўзбекистонда бир неча марта бўлгани, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардорлигини билдириб, ўзбекистонлик сиёсатчиларнинг чиқишлари ҳам фаол ёритилиши, хусусан Сардор Умурзоқов ва Азиз Абдуҳакимовнинг мақолалари чоп этилганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ОАВ вакиллари учун таъсис этилган “Олтин қалам” миллий мукофотига ҳам сазовор бўлганини мамнуният билан қайд этди.
Муҳокамалар давомида журналда Ўзбекистон делегациясининг ташрифига доир алоҳида мақола нашр қилиш, “Сабр” ижтимоий ривожланиш марказининг таклифи асосида келгуси йилда Брюсселда фаол тадбиркор аёллар иштирокида форум ҳамда унинг доирасида санъат кўргазмасини ташкиллаштириш, шунингдек миллий брендингни ривожлантириш ва бошқа қатор йўналишларда “Diplomatic World Institute” ақл маркази билан ҳамкорлик қилиш масалаларида фикрлар алмашилди.
Бундан ташқари, “Олтин қалам” танловининг тегишли номинациясида “Diplomatic World” нашри журналистларининг ариза топшириш масалалари ҳам гаплашилди. Умуман олганда, учрашув самимий, ўзаро ҳурмат ва дўстона руҳда конструктив тарзда бўлиб ўтди.