Ёшлар тарбиясига ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири

Жорий йилнинг 18 апрель куни Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан “Ёшлар тарбиясига ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг таъсири” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати ёшлар, журналист, жамоат фаоллари, психологлар иштирокида ток-шоу шаклида ўтди ҳамда Жиззах вилоят телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун Ўзбекистон ёшлари ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда. NapoleonCat.com маълумотларига кўра, мамлакатда 1 миллионга яқин Facebook, 1.5 миллиондан ортиқ Instagram ва 18 миллион Telegram фойдаланувчилари мавжуд. Буларнинг асосий қисмини 25-34 ёшли йигит-қизлар ташкил этади.
Шу билан бирга, ёшларни маънавий, интеллектуал, ахлоқий ва жисмоний жиҳатдан етук шахслар қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун бу борада дастуриамал бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда ёшларда ахборотга онгли муносабатни шакллантириш, медиасаводхонликни ошириш ва интернетдаги салбий таъсирларга нисбатан иммунитетни мустаҳкамлаш борасида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбати иштирокчилари мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди.