ACDP logo
Кириш
header bg

“Янги чақириқ парламенти: олдимизда турган вазифалар ва истиқболлар”

678
Поделиться:
“Янги чақириқ парламенти: олдимизда турган вазифалар ва истиқболлар”

Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очилди — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг янги таркиби фаолиятини бошлади. Давлатимиз Раҳбари сайловдан кейинги дастлабки мажлисда ўтган парламент фаолиятига ижобий баҳо бериб, салмоқли натижаларга эришилганлигини алоҳида қайд этди.

Аввалги парламент мамлакатнинг келгуси тараққиёт йўналишини белгилаб берувчи Конституциянинг янги таҳририни тайёрлаш ва қабул қилишда фаол иштирок этди, 130 дан зиёд янги қонунлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, Президент парламент фаолиятидаги баъзи камчиликларни ҳам таъкидлади. Жумладан, тўғридан-тўғри амал қилувчи ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар етарли эмаслиги, парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланмаганлиги, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти самарадорлигининг пастлиги қайд этилди.

Давлатимиз Раҳбари томонидан янги парламент олдида турган муҳим стратегик вазифалар, жумладан қонун ижодкорлиги, парламент назорати ва халқ манфаатларини ифодалаш каби кенг қамровли йўналишлар белгилаб берилди.

Биринчидан, ҳар бир қўмита қошида фуқаролик жамияти вакилларидан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланди. Депутатларга ўз устиларида кўпроқ ишлаш, билим ва тажрибани доимий равишда ошириб бориш, масъулиятни чуқур ҳис қилиб ишлаш кераклиги билдирилди.

Иккинчидан, парламент қўмиталари вазирликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишлари лозимлиги айтилди. Бунда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш бош вазифа сифатида белгилаб берилди. Депутатлар ўз ваколатлари доирасида ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни кучайтириш кераклиги таъкидланди.

Учинчидан, қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммоларни ҳал қилишга ва халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилган бўлиши кераклиги таъкидланди.

Қонун ижодкорлиги соҳасида бир қатор муҳим масалалар кун тартибига қўйилди. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

– аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш;

– фуқароларнинг уй-жой қурилишига йўналтирилган маблағларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини яратиш;

– соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш;

– замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш;

– иқтисодиётнинг янги йўналишлари, жумладан, франчайзинг, капитал бозори ва стартапларнинг фаолиятига оид ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш.

Тўртинчидан, янги даврда парламент ҳақиқий халқ уйига, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига айланиши лозим. Шунингдек, парламент соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдони бўлиши кераклиги таъкидланди. Бунинг учун бир қатор қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар таклиф этилди:

– парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлар сонини 3 тадан 6 тага ошириш;

– 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини мухолифат учун кафолатли ажратиш;

– ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш имконияти яратиш.

Бешинчидан, Президент Қонунчилик палатасига янги ҳуқуқлар берилганини эслатиб ўтди. Бунга мувофиқ, Ҳукумат аъзосининг ҳисоботини эшитиш, унинг якунларига кўра мазкур раҳбарни истеъфога чиқариш ҳақида Президентга таклиф киритиш ҳуқуқи амалга оширилиши мумкин.

Олтинчидан, Давлат Раҳбари парламент олдига Давлат бюджети ижроси устидан назоратни амалга ошириш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколати эканлигини эслатиб ўтди. Шу муносабат билан, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш механизмларини янада кучайтириш, Ҳукуматнинг давлат бюджетига доир барча ҳисоботларини фақат Бюджет кодексида белгиланган аудит хулосаси билан биргаликда Қонунчилик палатасига киритиш амалиётига ўтиш вазифаси белгиланди.

Бундан ташқари, давлат бюджети ижросини назорат қилишда парламент қўмиталари ролини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Еттинчидан, жойларда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда парламентнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, депутатларни инвестиция дастурларини тайёрлаш жараёнига жалб қилиш ва уларнинг фикрларини инобатга олиш имкониятини яратиш мақсадида аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Сакизинчидан, туман ва шаҳарларнинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида келгуси йилдан ер, мол-мулк ва айланма солиқларини тўлиқ, даромад солиғининг эса камида 50 фоизини туман ва шаҳар ҳудудида қолдириш таклифи билдирилди.

Тўқизинчидан, фуқаролар ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида, Президент Қонунчилик палатаси ҳузурида Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифини билдирди.

Ўнинчидан, Давлат Раҳбари халқаро парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида қуйи палатада қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш, иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш бўйича парламент комиссияларини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Янги тузилаётган парламент комиссиясига ташаббусни қўлга олиб, қонунларни Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларига тўлиқ мослаштириш вазифаси қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, янги чақириқ парламенти олдида турган вазифалар мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида катта аҳамиятга эгадир. Ушбу вазифаларнинг тўлиқ ва самарали амалга оширилиши нафақат қонунчилик тизимини такомиллаштиришга, балки халқ фаровонлигини оширишга ҳамда жамиятда демократик қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Абдуллаев Бахтиёр,

Демократик жараёнларни

таҳлил қилиш маркази бўлим бошлиғи