ACDP logo
Кириш
header bg

ННТлар фаолиятига оид қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама этилди

288
Поделиться:
ННТлар фаолиятига оид қонунчиликдаги янгиликлар муҳокама этилди

Қашқадарё вилоятида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Қашқадарё вилояти бўлинмалари ҳамкорлигида нодавлат нотижорат ташкилотлари учун амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловида иштирок этиш тартиби, лойиҳаларни тўғри тайёрлаш ҳамда уларни юбориш жараёнида ngo.gov.uz платформасидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берилди.

Семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш, давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш, шунингдек ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашдилар.

Хусусан, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ННТлар фаолияти эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, шунингдек ҳомийлик ва хайрия фаолияти билан боғлиқ қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, иштирокчилар “Ижтимоий шериклик тўғрисида” ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартишлар билан ҳам танишдилар. Ушбу янгиликлар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек давлат органлари томонидан ижтимоий буюртмалар беришнинг янги механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Тадбир якунида Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган иккинчи давлат гранти танлови ғолибларига тантанали равишда сертификатлар топширилди.